АҚШ ва Буюк Британия Яманда хусийлар объектларига янги зарбалар берди
АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия қўшма баёнот эълон қилиб, унда Британия ва Америка қуролли кучлари ўз иттифоқдошлари ёрдамида Яманда хусийларнинг саккизта объектига зарбалар берганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Баёнот Буюк Британия ҳукумати сайтига жойланди.
Хабарда айтилишича, зарбалар хусийларнинг ер ости омборларига ҳамда ракета ва ҳаво кузатув тизимлари жойлашган жойларга берилган.
Аввалроқ Associated Press агентлиги бир неча америкалик мансабдорларга таяниб, 22 январь куни кечқурун АҚШ ва Буюк Британия Яманда хусийлар объектларига зарбалар берганини маълум қилганди. Ракета ҳужумларини хусийларнинг “Ансор Аллоҳ” ҳаракати матбуот хизмати тасдиқлади.
12 январь куни АҚШ Буюк Британия кўмагида Яманда хусийлар объектларига зарбалар берганди. АҚШ томонидан ҳужум 13 ва 14 январь кунлари ҳам давом этди. 18 январда Америка ҳарбийлари хусийларнинг кемага қарши ракеталарига зарба берди.
Январь ойида хусийлар Яман АҚШ томонидан ўққа тутилишига жавобан, Америка кемаларига ҳужум қилди. Хусусан, 18 январда Американинг Genco Picardy кемасига, 19 январь куни эса Chem Ranger танкерига зарбалар берилди. Хусийлар етакчиси Абдул Малик ал-Хусий АҚШ ва Британия кемаларига ҳужумларни давом эттиришга ваъда берди.
2023 йил ноябрида хусийлар Қизил денгиздаги Исроил билан алоқаси бўлган кемаларга ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирган, шу тариқа “ҲАМАС” жангариларини қўллаб-қувватламоқчи бўлган. Январда АҚШ ва Буюк Британия хусийларнинг Ямандаги объектларини оммавий равишда ўққа тутиб, жангариларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилиш қобилиятини йўққа чиқармоқчи бўлди. Американинг The New York Times газетаси маълумотларига кўра, АҚШ ва Британия зарбалари натижасида хусийларнинг ҳужум қобилияти тахминан 30 фоизга пасайган.
Шарҳлар