АҚШнинг Ироқ ва Сурияга зарбасидан кейин Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилишини ўтказишни сўради
Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский Россия Федерацияси АҚШнинг Ироқ ва Сурияга берган зарбалари муносабати билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишни сўраётганини билдирди.
“Ушбу ойда раислик қилаётган гайаналиклар йиғилишни Нью-Йорк вақти билан 5 февраль куни соат 16:00 да белгилашни режалаштирмоқда”, – деб ёзади дипломат Телеграмда.
Кеча АҚШ қуролли кучлари Сурия ва Ироқдаги 85 дан ортиқ нишонга зарба берди. АҚШ ҳарбийларининг хабар беришича, зарбалар Эрон Ислом инқилоби гвардияси корпуси ва эронпараст кучлар позицияларини нишонга олган. Ҳужумга Иордания-Сурия чегарасидаги базага дрон ҳужумидан кейин уч америкалик ҳалок бўлиб, яна ўнлаб одамлар жароҳатлангани сабабчи бўлган.
Ироқ ҳукумати ҳаво ҳужумларида 16 киши ҳалок бўлгани, 25 киши яралангани ҳақида хабар беради. Мамлакатда мотам эълон қилинган.
Шарҳлар