Украина Россия дронлари туфайли Американинг Abrams танкларини фронт чизиғидан олиб кетди
Америка томонидан Украинага берилган Abrams М1А1 танклари жангларда бошқа иштирок этмайди, деб ёзади Meduza. Украина қуролли кучлари қўмондонлиги уларни фронт чизиғидан қайтариб олди.
Associated Press ҳарбий манбаларига таяниб маълум қилишича, ушбу танкларни жанговар ҳаракатлар зонасида қўллаш деярли имконсиз — дронлар зирҳли техника ҳаракатини кузатиб, унга ҳужум қилмоқда.
“Кўриб қолмасликларига ишонч ҳосил қилиб, бемалол юриб ўтиш мумкин бўлган очиқ жойлар йўқ”, — деди агентлик суҳбатдоши.
АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари ўринбосари адмирал Кристофер Уотсон Грейди маълум қилишича, Америка ва Украина ҳарбийлари Abrams танкларидан фойдаланиш йўлларини топиш устида биргаликда ишламоқда.
АҚШ 2023 йил кузида Украинага 31 та Abrams танкларини юборган эди. Бундай танклардан биринчисига зарба берилгани ҳақида Россия ҳарбийлари феврал охирида маълум қилганди. Америка ОАВлари маълумотларига кўра, апрель охиригача Украинада камида бешта Abrams танклари йўқотилган.
Шарҳлар