Дунёнинг энг яхши аэропорти қайси

Фото: businessinsider.com

Дунё авиакомпаниялари ва аэропортларини баҳолаш билан шуғулланувчи “Skytrax Britaniya” компанияси саёҳатчилар томонидан овоз берилган 2023 йил учун дунёдаги энг яхши аэропортлари рейтингини эълон қилди.

1-ўринни Сингапурнинг Чанги халқаро аэропорти эгаллаган. 2023 йилда ушбу аэропорт “Skytrax” консалтинг компанияси томонидан ўн иккинчи марта дунёда энг яхши аэропорти деб топилган. 2016 йилда 66 миллион йўловчига хизмат кўрсатган Чанги 2025 йилга келиб бу сонни 135 миллионга оширишни режалаштирмоқда. Ўтган йили Чанги анъанавий паспорт текширувларидан воз кечиб, юзни таниш тизими яъни “FaceID” га ўтди. Аэропортда, капалаклар боғи, кинотеатр ва дунёдаги энг баланд ёпиқ шаршара мавжуд. 15 000 дан ортиқ ходимга эга Чанги аэропорти Сингапурдаги энг йирик иш берувчи ҳисобланади.

2- ўринни Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги Ҳамад халқаро аэропорти эгаллаб турибди. 2023 йилда Ҳамад аэропорти рекорд даражадаги 45 миллион йўловчини қабул қилган. Ушбу аэропорт Қатарни дунёнинг қолган қисми билан қулай тарзда боғлайди.

3-ўринга Токио Ханеда халқаро аэропорти қўйилган. Токиодаги Ханеда халқаро аэропорти Япониянинг энг гавжум аэропорти ва дунёдаги тўртинчи йирик аэропортдир. У ҳар йили 60 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатади.

4-ўринни Жанубий Кореянинг дунёдаги энг инновацион ва тез ривожланаётган халқаро аэропортлардан бири Инчхон эгаллаган. Инчхон аэропорти орқали ҳар куни 170 мингдан ортиқ йўловчи ўтади. Аэропорт 43 мамлакатнинг 107 та шаҳрини боғлайди ва халқаро авиакомпаниялар учун муҳим марказ ҳисобланади.

5-ўринда Европанинг энг йирик ва энг гавжум аэропортларидан бири бўлган Шарл де Голл аэропорти бўлиб, у  ўзининг учта терминали билан машҳур бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос дизайнга эга. Ҳаво бандаргоҳи Франция иқтисодиётида муҳим роль ўйнайди, 90 000 дан ортиқ кишини иш билан таъминлаган ҳамда мамлакатнинг энг йирик ва Европадаги учта етакчи аэропортдан бири ҳисобланади.

 


            

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.