Кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари сабабли Афғонистонда 33 киши ҳалок бўлди

Фото: ИА Регнум

Афғонистонда мавсумий ёмғирлар сабабли юзага келган сув тошқинлари камида 33 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Яна 27 киши жароҳатланган. Бу ҳақда 14 апрель, якшанба куни “Толибон” радикал исломий  ҳаракати вакиллари маълум қилди, деб ёзади DW.

Афғонистон табиий офатларни бошқариш вазирлигидаги толиблар вакили Абдулла Жанан Сайекнинг маълум қилишича, 12 апрель куни пойтахт Қобул ва мамлакатнинг бир қанча вилоятларида сув тошқинлари кузатилган. Унга кўра, 600 дан ортиқ уй вайрон бўлган, 200 га яқин чорва моллари нобуд бўлган. Шунингдек, сув тошқини 800 гектарга яқин қишлоқ хўжалиги экинлари ва 85 километрдан ортиқ йўлларга зарар етказган.

Маҳаллий метеорология департаменти, ўз навбатида, яқин кунларда Афғонистоннинг 34 вилоятининг аксариятида ёмғир ёғиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Прогнозларга кўра, энг кўп ёғингарчилик Ғазна, Қобул, Қандаҳор ва Нангарҳор вилоятларига тўғри келади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.