Актёр Алек Болдуиндан одам ўлдириш айблови олиб ташланди
Америкалик актёр Алек Боулдуинга қарши эҳтиётсизлик билан одам ўлдириш ҳақидаги иш ёпилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Нью-Мексико суди бундай қарорни далиллар яширилиши туфайли полиция ва прокурорларнинг ҳаракатлари қонундан ташқари бўлгани билан изоҳлади.
Судья Мэри Марлоу Соммер қайтадан иш қўзғатишни тақиқлади. Қарор чиқарилгач, Болдуин йиғлаб юборди. У дастлаб ўз адвокатларини, сўнг йиғлаётган рафиқасини қучоқлади. Актёр суд биноси ёнида турган машинасига ўтирди ва журналистлар билан мулоқот қилмасдан жўнаб кетди.
АҚШда “Занг” (Rust) филмини тасвирга олиш майдончасидаги воқеа 2021 йил октябрида юз берганди, ўшанда револьвердан отилган ўқ оператор Галина Хатчинсни ўлдирганди. Режиссор Жоэл Соуза эса оғир яраланган. Картина сюжети бўйича актёр Алек Болдуин қуролдан фойдаланган, аммо тўппонча жанговар патрон билан ўқланган бўлиб чиққан. 2023 йилда Алек Болдуинга нисбатан эҳтиётсизлик билан одам ўлдириш айблови эълон қилинди. Аммо далиллар етарли бўлмагани туфайли, 2023 йил баҳорида айблов бекор қилинди. 2024 йил январида эса айбловлар қайтадан эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил мартида ушбу фильмнинг қурол бўйича мутахассиси Ханна Гутеррес Рид эҳтиётсизлик билан одам ўлдиришда айбдор деб топилди. Суд уни актёр Алек Болдуиннинг қўлига жанговар патрон билан ўқланган тўппонча келиб тушишида айбдор деб ҳисоблади. У 18 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Алек Болдуиннинг қўлига ўқланган тўппончани берган режиссор ёрдамчиси Дэвид Холлс эса шартли муддатга ҳукм қилинди.
Шарҳлар