Алексей Навальнийнинг онаси ва адвокатлари Салехарддаги моргга киритилмади
Алексей Навальнийнинг онаси ва адвокатлари 19 февраль куни эрталаб Салехард шаҳридаги моргга киришга уриниб кўрди, деб ёзади Meduza. Сиёсатчининг жасади катта эҳтимол билан колониядан шу ерга олиб келинган.
“Тонгда Алексейнинг онаси ва адвокатлари моргга келди. Уларни ичкарига қўйишмаяпти. Адвокатлардан бирини том маънода итариб чиқаришди. Алексейнинг жасади шу ердами, деган саволга ходимлар жавоб бермаяпти”, — дея маълум қилди Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш.
Ўз навбатида, Россия Тергов қўмитаси Навальнийнинг онаси ва адвокатларига сиёсатчининг ўлими юз берган ҳолатни текшириш ишлари узайтирилганини билдирган. “У яна қанча давом этиши номаълум. Ўлим сабаби ҳамон аниқлангани йўқ”, — деб ёзди Ярмиш Х ижтимоий тармоғида. “Улар ёлғон гапиряпти, вақтни чўзяпти ва ҳатто буни яширмаяпти ҳам”, — дея қўшиб қўйди у.
Эслатиб ўтамиз, Жазоларни ижро этиш федерал хизмати (ЖИФХ) 16 февраль куни Алексей Навальний Ямал-Ненец округи, Харп қишлоғидаги колонияда вафот этганини эълон қилди. 17 февраль куни Навальнийнинг онаси колонияга келди, аммо унга сиёсатчининг жасади Салехарддаги моргда эканини маълум қилишди. Морг ёпиқ бўлган, онаси ва адвокатларга телефон орқали жасад у ерда йўқлигини айтишди.
“Медиазона” 18 февраль куни видеокузатув камералари ёзувлари бўйича ЖИФХнинг кортежи 17 февралга ўтар кечаси колонияга яқин бўлган Лабитнанги шаҳридан Салехардга қараб кетганини аниқлади. Журналистлар ушбу кортеж Навальнийнинг жасадини олиб кетган бўлиши мумкин деб тахмин қилмоқда.
Шарҳлар