Андрей Сибига Украинанинг янги ташқи ишлар вазири этиб тайинланди
Олий Рада Андрей Сибигани Украина ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқлади. Бунгача у Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Жаноб Сибигани вазир лавозимига тайинлаш лойиҳаси бугун, 5 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский томонидан тақдим этилган. Олий Рада депутати Андрей Гончаренко ўзининг Телеграм-каналида маълум қилганидек, 258 нафар депутат Андрей Сибига тайинланиши учун овоз берган.
Андрей Сибига 49 ёшда, у Тернополь областининг Зборов шаҳрида туғилган.
1997 йилдан буён дипломатик лавозимларда, жумладан, Украинанинг Польшадаги элчихонасида ишлаган. 2016–2021 йилларда Туркиядаги элчи, кейин эса президент девони раҳбари ўринбосари бўлган. 2024 йилнинг апрелида у Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.
Шарҳлар