Apple компанияси электромобиль яратишдан воз кечди
Apple компанияси ўз электромобилини яратишдан воз кечиб, сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга эътибор қаратишга қарор қилди, деб ёзади Bloomberg ўз манбаларига таяниб. Уларга кўра, 27 февраль куни компания раҳбарияти автомобиль ишлаб чиқиш билан шуғулланиб келган 2 минг ходимга ўз қарорини маълум қилган.
Bloomberg ёзишича, электромобиль яратишдан воз кечишни Apple’нинг бош операцион директори Жефф Уильямс ва лойиҳа учун масъул бўлган вице-президенти Кевин Линч қўллаб-қувватлаган. Лойиҳага жалб этилган ходимлар сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича бўлинмага ўтказилади — энди бу йўналиш компания учун устувор йўналишга айланган.
Bloomberg маълумотларига кўра, раҳбарият лойиҳада қатнашиб келган юзлаб муҳандислар ва дизайнерлар билан қандай иш тутиш бўйича бир қарорга келгани йўқ. Уларнинг баъзилари ишдан бўшатилади, аммо аниқ рақамлар келтирилмаяпти.
Аппле электромобиль яратишга 2014 йилда киришганди, аммо бу жараёнда кўп бора қийинчиликлар юзага келган. Компания лойиҳа раҳбариятини ва жамоа стратегиясини бир неча марта ўзгартирган. Bloomberg қайд этишича, мураккабликлар келиб чиқишига ҳайдовчисиз ҳаракатланиш технологияси жорий этилиши ҳам сабабчи бўлган. Айни пайтда сўнгги ойларда электромобилларга талаб пасайган.
Apple охирги марта автомобилm чиқаришни 2028 йилгача кечиктирган эди. Унинг нархи 100 минг долларгача етиши мумкин эди. Bloomberg манбалари айтишича, компания раҳбарияти лойиҳа Apple ўз маҳсулотларидан олаётган фойдани келтира олишига шубҳа қилган. Директорлар кенгаши ҳам амалга ошмай қолиши мумкин бўлган лойиҳага “юз миллионлаб доллар сарфлаш” зарурияти қаршисида иккиланган.
Шарҳлар