АҚШ Нигердан ўз қўшинларини олиб кетади
АҚШ ҳукумати бир неча ой ичида Нигердан бутун ҳарбий контингентини олиб кетишга рози бўлди, мамлакатни жами мингдан ортиқ америкалик ҳарбий хизматчилар тарк этади, деб ёзади “РБК”.
Ушбу қарор олти йил аввал 110 миллион долларга қурилган Америка авиабазаси мақомини савол остига қўяди. Унинг ёрдамида АҚШ Нигер ва унга қўшни мамлакатларда террорчилик ва экстремистик гуруҳлар фаолиятини кузатиб, олдини олиш билан шуғулланарди.
Бир неча ойлар давомида америкалик мансабдорлар бу вазиятга йўл қўймасликка уринди. Пентагон ва Давлат департаментининг юқори мансабли ходимлари нигерлик ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказган, аммо улар кескин бўлган, маҳаллий ҳукумат уларни Россия, Эрон ва АҚШнинг бошқа рақиблари билан алоқалар ўрнатиш масаласида босим ўтказишга уринишда айблади.
Америкалик мансабдорлар қайд этишича, Нигернинг стратегик манфаатли жойлашуви ва унинг аввалгидек ҳамкорликка шайлигини бошқа мамлакатларда топиш қийин бўлади. Пентагон ҳарбий хизматчиларини Ғарбий Африка мамлакатларига жойлаштиришни муҳокама қилмоқда.
АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни узишга ўтган йил июлида демократик сайланган президент Муҳаммад Базумни ағдариб ҳокимият тепасига келган ҳарбий хунта қарор қилди. АҚШ армия ҳаракатларини қоралаб, ҳодисани тўнтариш деб атади, бу икки давлат алоқаларини ёмонлаштирди.
Шарҳлар