АҚШ ва Жанубий Корея – Шимолий Кореяга нефт етказиб беришни блокламоқчи
Бу давлатлар янги ишчи гуруҳ туздилар, унинг мақсади Шимолий Кореянинг БМТ санкцияларини четлаб ўтиб нефт олишига йўл қўймасликдир. “Нефт Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета ишлаб чиқариши ҳамда ҳарбий қудрати учун муҳим манбадир”, — дейилади Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Дипломатия, разведка, санкция ва денгиз таъминоти учун масъул вазирлик ҳамда идораларнинг 30 дан ортиқ мулозимлари иштирок этган йиғилишда Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳамкорликни тугатиш йўллари муҳокама қилинди. Иккиламчи санкциялар, шунингдек, хусусий сектор компаниялари устидан назорат қилиш мумкин бўлган чоралар сифатида кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Шимолий Кореяга йилига атиги 4 миллион баррел хом нефт ва 500 минг баррел нефт маҳсулотларини импорт қилишга рухсат берган. Аммо комиссия Шимолий Корея байроғи остидаги танкерлар 2023 йил 1 январдан 15 сентябргача 1,5 миллион баррелдан ортиқ нефт маҳсулотларини етказиб берган бўлиши мумкинлигини аниқлади. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар Шимолий Кореянинг нефт танкерлари, жумладан, санкцияланганлари яқинда Россия портларига ташриф буюрганини кўрсатди.
Шарҳлар