Ғарб ва Украина урушни якунлаш учун “ҳудудларни НАТО аъзолиги эвазига бериш” схемасини муҳокама қилмоқда
Ғарб ва Украина урушни тугатиш учун «ҳудудларни НАТО аъзолиги эвазига бериш» вариантини кўриб чиқмоқда, деб ёзади Financial Times. Нашрнинг қайд этишича, бу Украина расмийлари ва уларнинг ғарбий иттифоқчилари Россиянинг 2014 йилдан бери босиб олган ҳудудлар устидан суверенитетини тан олишини англатмайди.
«Бу ерлар келажакда дипломатик йўллар билан қайтарилиши кераклиги тўғрисида сукутли келишув мавжуд», деб ёзади FT. «Аммо бу, маълум сабабларга кўра, айниқса Москва билан муросага келиш учун асос сифатида тақдим этилганида, ҳатто украиналиклар учун ҳам нозик масала бўлиб қолиши тушунарли».
Украинанинг НАТОга аъзолигига келсак, у «Ғарбий Германия» модели бўйича амалга оширилиши мумкин – яъни хавфсизлик кафолатлари фақат Киев томонидан назорат қилинадиган ҳудудларга тегишли бўлади. Совуқ уруш даврида ҳам худди шундай бўлган – Германия Федератив Республикаси НАТО аъзоси эди, лекин ГДР эмас.
Украина президенти офиси мамлакат расмийлари Ғарб билан Россия томонидан босиб олинган ҳудудлар эвазига НАТОга аъзоликни муҳокама қилаётгани ҳақидаги хабарни “бемаънилик” деб атади.
“Политики страны” ва “РБК-Украина” манбаларининг таъкидлашича, Ғарб давлатларининг ҳеч бири Украинага уруш такрорланишининг олдини оладиган бундай хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмаган.
“Бу бемаънилик. Бундай суҳбат умуман бўлмаган. <…> Биз суверенитет ва ҳудудлар билан савдо қилмаймиз”, — дея Украина президенти офисидаги суҳбатдошидан иқтибос келтиради “Политика страны”.
Шарҳлар