Арманистон КХШТга пул беришдан бош тортди
Арманистон амалда Россия бошчилигидаги ҳарбий-сиёсий блок – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) фаолиятини молиялаштиришда иштирок этмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Арманистон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Ани Бадалян маълум қилди.
Бадаляннинг сўзларига кўра, Арманистон 2023 йил 23 ноябрда КХШТ томонидан қабул қилинган “2024 йил бюджети бўйича Коллектив хавфсизлик шартномаси”да иштирок этишдан бош тортади.
Ереван, шунингдек, “ташкилотнинг ўзи назарда тутган фаолиятини молиялаштиришда иштирок этишдан бош тортди, шу билан бирга, ушбу қарорнинг чекланган форматда қабул қилинишига қарши эмас”, — дея қўшимча қилади Арманистон ТИВ матбуот котиби.
Аввалроқ Россия томони, хусусан, Россия раҳбарининг ёрдамчиси Юрий Ушаков, Ереван КХШТ фаолиятини молиялаштиришдан бош тортганини маълум қилганди.
Арманистон КХШТни тарк этмади, лекин энди тузилма фаолиятида, хусусан, қўшма ҳарбий машғулотларда қатнашмайди.
Шарҳлар