Путин асирликдаги украиналик ва россиялик аскарлар сонини ошкор қилди
Владимир Путин халқаро ахборот агентликлари журналистлари билан учрашувда маълум қилишича, Украинада 1348 нафар россиялик ҳарбий асирликда бўлиб турибди, Россиядаги Украина қуролли кучларининг асир аскарлари сони эса қарийб беш марта кўпроқ — 6465 кишини ташкил қилади. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Шу тариқа Россия президенти AFP’нинг франциялик журналисти Карим Талбанинг Россия нима сабабдан ўз талафотларини ошкор қилмаслиги ҳақидаги саволига жавоб берди.
“Ҳалок бўлганлар сони ҳақида одатда умуман ҳеч ким ҳеч қачон гапирмайди. Гапирса ҳам, ҳақиқий рақамларни ўзгартиради. Бизнинг талафотларимиз, айниқса ўрнини тўлдириб бўлмайдиганлари Украинаникига нисбатан бир неча марта камроқ. Асирликда сақланаётганларнинг аниқ сонини айтишим мумкин. Бизнинг аскарларимиздан 1348 киши асирликда. Биздаги украин аскарлари эса 6465 киши. Ўрнини қоплаб бўлмайдиган талафотлар ҳақида гапирсак, унда ҳам нисбат тахминан шундай — 1 га 5”, — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, УҚК бир ойда 50 минг нафаргача ҳарбийсини йўқотмоқда (ҳалок бўлганлар ва яраланганлар). Шунингдек, у Украинадаги сафарбарлик муаммоларни ҳал қилмаслигини, фақат “талафотларни хаспўшлаши”ни айтди.
Шарҳлар