АҚШ шу ҳафта Украинага АТАCМS ракеталарини юбориши мумкин
АҚШ Конгресси Сенатининг разведка бўйича қўмитаси раҳбари Марк Уорнер 21 апрель куни маълум қилишича, Украина аввалроқ Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасига мувофиқ, келаси ҳафтадаёқ янги қурол-яроғ партиясини қўлга киритиши мумкин. Ёрдам пакетига АТАCМS тактик ракеталари ҳам киради, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“АҚШ президенти Жо Байден Конгресс ўз ишини бажаришига ишонч ҳосил қилиб қонун лойиҳасини имзолаши билан, ушбу қурол-яроғлар ҳафта охиригача юборилишини бизга маълум қилишди”, — деди сенатор CBS телеканали эфирида.
Унинг сўзларига кўра, ёрдам пакетига узоқ масофали қурол-яроғлар, шу жумладан, АТАCМS ракеталари киритилади, бу қонун лойиҳасида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кўпчилик республикачилар томонидан назорат қилинувчи Вакиллар палатаси Украинага Россия музлатилган активларини бериш, шунингдек, Украина, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам тақдим этишни ўз ичига олувчи мажмуали қонун лойиҳасини қабул қилганди. Унга мувофиқ, Украинанинг ҳарбий эҳтиёжларига 61 миллиард доллар сарфланади.
Шарҳлар