Авдеевкадан чекинишда минг нафаргача украиналик ҳарбийлар асирга тушган бўлиши мумкин — NYT
Украина Қуролли кучлари Донецк вилоятидаги Авдеевка шаҳридан чекинаётган вақтида УҚКнинг минг нафаргача аскари асирликка тушган бўлиши мумкин, деб ёзади The New York Times ҳарбийлар ва Ғарбнинг юқори мансабли амалдорлари ҳисоб-китобларига таяниб.
Асирга тушган ва бедарак йўқолган украиналик ҳарбийлар сони бўйича тахминлар фарқланмоқда. Нашр суҳбатлашган икки аскар 850 дан минг нафаргача диапазондаги рақамларни айтган. Ғарб мансабдорлари фикрича бу ҳисоб-китоб тўғри.
Газета суҳбатдошларига кўра, Авдеевка қўлдан бой берилишининг ўзи йирик стратегик мағлубият бўлмаган, аммо катта сонли асирларнинг қўлга олиниши бу вазиятни ўзгартириши мумкин, чунки қўшинлардаги руҳий кайфият муваффақиятсиз қарши ҳужумдан кейин тушиб бормоқда ва шу муносабат билан Украина армияси янги аскарларни қабул қилиш билан боғлиқ муаммони бошидан кечирмоқда.
Ғарб мансабдорлари фикрича, Украина қўшинларининг олиб кетилиши яхши режалаштирилмаган ва кеч бошланган. Бундай катта сонли аскарларнинг асирга тушишига эса марраларда бошланган тартибсизлик сабаб бўлгани айтилмоқда. Вазиятни Россия қўшинлари шаҳарни уч томондан ўраб олгани мураккаблаштирган. Бундан ташқари, украиналик ҳарбий хизматчилар айтишича, чекиниш вақтида алоқа билан муаммолар кузатилган, шу сабабли аскарлар асирга тушган ёки жанг майдонида ярадор ва ўлик ҳолда қолиб кетган.
УҚКнинг “Таврия” гуруҳи спикери Дмитрий Лиховой юзлаб ҳарбийлар асирга тушганини рад этмоқда. У буни дезинформаwия деб атади, бироқ “муайян сондаги” аскарлар бедарак йўқолганини тан олди.
Россия Мудофаа вазирлиги УҚК Авдеевкадан олиб кетилаётганида асирга олинган украиналик аскарлар сони ҳақида расман хабар бермаган. Украина Мудофаа вазирлиги ҳам асирлар сони ҳақидаги хабарларга изоҳ бергани йўқ.
Авдеевкадан қўшинларнинг олиб кетилаётгани ҳақида Украина ҳукумати 17 февралга ўтар кечаси хабар қилганди. “Авдеевка атрофида юзага келган тезкор шароитни ҳисобга олиб, қуршовда қолиб кетмаслик ҳамда ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш мақсадида, бўлинмаларимизни шаҳардан олиб кетиб, бошқа, аҳамияти бундан кам бўлмаган марраларда мудофаага ўтиш ҳақида қарор қилдим”, — деган эди Сирский ўшанда.
Шарҳлар