Эрон Украинага зарбалар бериш учун Россияга энг янги авиабомбаларни етказиб берди — Bild
Эрон Россияга энг янги Qaem-5 (“Каим-5”) бошқарилувчи авиабомбаларини етказиб беришни бошлади, деб ёзади Bild. Нашрнинг ҳарбий эксперти Эроннинг ўтган дам олиш кунлари Курск вилоятида уриб туширилган Mohajer-6 оғир учувчисиз учар қурилмаси қулаган жойдан олинган видеотасвирни таҳлил қилиб шундай хулосага келган.
Тахминларга кўра, дрон Украинанинг Суми вилоятига ҳужум қилиши керак бўлган, аммо нишонгача бориб етмай қулаган. Учар қурилма бортида Qaem-5 авиабомбаларини ташиган, улардан Россия армияси шу пайтгача Украина билан урушда фойдаланмаган эди.
Экспертнинг фикрича, бундай авиабомбаларнинг қўлланилиши Теҳрон ва Москва ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг “янги даражаси” ҳақида гапириши мумкин.
BBC қайд этишича, ташқи кўринишидан тасвирлардаги жанговар ўқ-дори ҳақиқатан ҳам Qaem-5 га жуда ўхшаш. Кичик диаметрли ушбу авиабомба Эроннинг Mohajer-6 ва Hamaseh дронларига ўрнатилиши мумкин. Ушбу бомба телевизион кузатувга эга бўлиб, турли жанговар каллаклар билан жиҳозлана олади. Унинг парвоз масофаси 40 километргача етади. Эронда у 2019 йил августида арсеналга қабул қилинган.
Шарҳлар