Австралия россиялик 55 киши ва 37 та ташкилотга қарши санкциялар жорий қилди
Австралия Ташқи ишлар вазирлиги Россия қўшинларининг Украинага киритилганига икки йил тўлгани муносабати билан Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Улар 55 киши ва 37 та ташкилотга нисбатан киритилди.
Жисмоний шахсларга қарши “молиявий санкциялар” ва сафарларга тақиқ киритилди, дейилади Австралия ТИВ пресс-релизида. Улар “украиналик болалар депортациясига алоқадорларга” йўналтирилган. Гап Халқаро жиноят судидаги судлашув ҳақида бормоқда. Москва даъво қилишича, болалар депортация қилинмаган, балки хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган. Шунингдек, Россия ҳукумати болаларнинг ўз оилаларига қайтарилишига кўмаклашишини билдирганди.
Юридик шахсларга нисбатан санкциялар мудофаа, энергетика, медиа ва тоғ-кон секторларига тегишли бўлди. Шунингдек, Австралия “Россиянинг Беларусь, Эрон ва Шимолий Кореядаги харид тармоқлари”ни нишонга олди.
Австралия жами 1,2 мингдан ортиқ санкциялар жорий қилди. Мамлакат, шунингдек, Киевга 50 миллион доллар ҳам ажратмоқда. Икки йил ичидаги умумий кўмак суммаси 960 миллион долларни ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакетини эълон қилди. Қора рўйхатга яна 106 нафар жисмоний ва 88 нафар юридик шахс кирди. Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа институтлари ва Евроиттифоқ фуқароларига нисбатан “стоп-рўйхат” кенгайтирилишини маълум қилди. АҚШ Россия молия секторига, мудофаа-саноат мажмуасига, шунингдек, марҳум Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинишига алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар ҳақида эълон қилди. Кейинроқ Канада ҳам Россия қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди.
Шарҳлар