Ким Чен Иннинг синглиси Сеулни “ахлат уруши” кучайиши хавфи ҳақида огоҳлантирди
Жанубий Кореянинг Шимолий Корея билан чегарада овоз кучайтиргичлар орқали ташвиқий эшиттиришларни ишга тушириш қарори “жуда хавфли вазият”га олиб келиши мумкин, дея маълум қилди КХДР Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари, республика етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон.
Сеул ҳукумати бу қарорни КХДР томонидан давом этаётган “ахлат ҳужумлари”га жавоб деб атаганди. Май ойининг охиридан бери Шимолий Корея Жанубий Корея томон 1000 дан ортиқ шарларни учирган, уларга ахлат қоплари – ҳожатхона қоғози, пластик бутилкалар, батареялар, поябзал қисмлари ва гўнг бириктирилган.
Пхеньян, ўз навбатида, бундай шарларнинг учирилиши Жанубий Кореянинг аввалги ҳаракатларига жавоб эканлигини, у ҳам КХДРга Ким Чен Ин режимига қарши курашга чақирувчи ҳаво шарларидаги варақалар, шунингдек, доллар купюралари ва қоғоз пулларни юборганини айтди.
Ким Ё Чжон КХДРнинг реакциясини ўринли деб атади. Унинг фикрича, Пхеньяннинг хатти-ҳаракатларида, Сеулникидан фарқли ўлароқ, “ҳеч қандай сиёсий иғво йўқ”. “Агар улар варақалар тарқатиб, чегарада овоз кучайтиргичлар орқали ташвиқот олиб борадиган бўлса, биз, шубҳасиз, мамлакатимизнинг янги реакциясига гувоҳ бўламиз. Мен Сеулга низонинг янада кучайишига олиб борадиган хавфли ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни жиддий маслаҳат бераман”, — деди Ким Ё Чжон.
КХДР шарлар юборишни 9 июнь куни тўхтатмоқчи бўлган, аммо “вазият ўзгарди”, деди у овоз кучайтиргичлар билан вазиятни назарда тутиб.
“Ахлат ҳужумлари” давом этаётгани хабар берилмоқда: 10 июнга ўтар кечаси КХДР чегара орқали Жанубий Кореяга чиқинди ортилган 310 га яқин шарларни учирган.
Шарҳлар