Бағдод яқинидаги ҳарбий база авиазарбага учради. АҚШ ҳужумга алоқадорлигини рад этди
Ироқнинг Бағдод шаҳридан жанубда жойлашган Калсу ҳарбий базасида кучли портлаш юз берди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Объект Ироқнинг “Ал-Хашд аш-Шаабий” (“Халқ сафарбарлиги кучлари”) милиция ташкилоти томонидан фойдаланилади. Унинг бўлинмалари Ироқда Америка қўшинларига ҳужумда қатнашган. АҚШ ҳужумга алоқадорлигини рад этди.
Reuters манбаларига кўра, портлашга авиазарбалар сабаб бўлган. Ҳарбий базага ким ҳужум қилгани номаълум. Нишон эса “Ал-Хашд аш-Шаабий” ташкилоти штаби бўлган. Ҳеч ким ҳалок бўлмагани, аммо моддий зарар етказилгани айтилмоқда. AFP маълумотларига кўра эса бир киши ҳалок бўлиб, саккиз киши яраланган.
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги Х ижтимоий тармоғида ёзишича, Ироққа берилган авиазарбада Америка қўшинлари қўли борлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
“Ал-Хашд аш-Шаабий” ташкилоти Эронга яқин қуролли гуруҳлар бирлашмаси сифатида юзага келган. Кейинроқ Ироқ ҳукумати уларни расмий хавфсизлик кучлари деб тан олган. Ташкилотга кирадиган бўлинмалар бир неча ойлар давомида Ироқдаги Америка қўшинларига ракета ва дронлар ёрдамида зарбалар бериб келган ва шу тариқа Ғазо секторидаги урушда фаластинликларни қўллаб-қувватлаган. Февралда зарбалар тўхтатилган.
АҚШ январь ва февралда Ироқдаги обектларга ҳужум қилган. Бағдод бунга жавобан мамлакатдан чет эл ҳарбий контингентини чиқариб юборишга қарор қилган.
Шарҳлар