КХДР янги жанговар каллакни ва зенит ракетасини синовдан ўтказди

Arxiv. Foto: Yonhap

Шимолий Корея 19 апрель куни янги “Хвасал-1 Ра-3” стратегик қанотли ракетасининг ўта йирик жанговар каллагини ҳамда “Пелжи-1-2” янги зенит ракетасини синовдан ўтказди, деб ёзади “Коммерсантъ” Корея Марказий телеграф агентлигига таяниб. Синовлар чоғида “тегишли мақсадга эришилгани” айтилмоқда.

Таъкидланишича, синовлар “Ракетасозлик бош бошқармаси ва унинг қарамоғидаги мудофаа илмий-тадқиқот институтлари мунтазам фаолияти” доирасида ўтказилган. Улар янги қурол-яроғларни ривожлантиришга қаратилган ва “минтақадаги вазиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ”.

КХДР февраль бошида ҳам шунга ўхшаш синовлар кетма-кетлигини ўтказган, аммо ўшанда қанотли ракета ва зенитли ракета номларига аниқлик киритмаган эди. Февраль ўрталарида Пхеньян янги турдаги “Падасури-6” кемага қарши ракета синовини амалга оширганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.