Байден ақлий қобилиятини текшириш учун тест топширишдан бош тортди
АҚШ президенти Жо Байденнинг ақлий қобилиятини текширишга эҳтиёж йўқ, дея маълум қилди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер журналистлар билан матбуот анжумани чоғида.
“Мен президент билан жуда кўп соатлаб вақт ўтказганман ва ишончим комилки, у ўткир зеҳнга эга ва вазиятни назорат қила олади”, — деди у.
Жан-Пьер таъкидлашича, Байден ўз шифокорининг доимий кузатуви остида бўлиб, у ҳам Америка етакчиси ҳеч қандай муаммоларсиз фикрлаши ва ишлашига шубҳа билдирмайди.
Аввалроқ Адлия департаменти маъруза эълон қилиб, давлат раҳбарининг “хотираси ёмон”лиги, сайловчилар эса унинг зеҳнига нисбатан жиддий хавотир билдираётганини қайд этганди.
Шунингдек, 11 февралда Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Ларри Жонсон президент Байденнинг кучайиб бораётган деменцияси уни мамлакат хавфсизлигига нисбатан таҳдидга айлантириши ва Америка ҳукуматининг бошқа давлатлар, шу жумладан Россия кўз олдидаги обрўйини пасайтиришини айтганди.
10 февраль куни эса Жон Хопкинс университети профессори жарроҳ Марти Макари Fox News каналига берган интервьюсида Байденда зўрайиб бораётган қарилик деменцияси белгилари кўзга ташланаётганини қайт этганди. Шифокор аниқлик киритишича, ҳар қандай одам вақти-вақти билан қайсидир сўзларни унутиб қўйиши ёки хатоликлар қилиши мумкин, аммо Байденнинг ҳолатида хотирасидаги узилишлар ва нутқнинг секинлашуви шиддат билан ривожланаётгани сезиларлидир.
81 ёшли Жо Байден АҚШ тарихидаги энг кекса президент бўлиб, унинг соғлиғи доимий равишда муҳокамаларга ва АҚШ аҳолиси хавотирларига сабаб бўлиб келади. Унинг ўзини ғалати тутиши ва тез-тез хато қилиши кўпчилик америкаликларда унинг руҳий саоматлигига нисбатан шубҳа уйғотган.
Шарҳлар