Байден Эронга ҳарбий йўл билан жавоб кўрсатиш усулини ишлаб чиқишни буюрган
Иорданиядаги базага ҳужум оқибатида америкалик ҳарбий хизматчиларнинг ўлими учун жавобгарлик Эроннинг зиммасида деб ҳисобловчи АҚШ президенти Жо Байден ўз ёрдамчиларига Теҳронга жавоб кўрсатиш вариантларини тайёрлаш ҳақида кўрсатма берган, деб ёзади Politico ўз манбаларига таяниб.
“Низони чеклаб, АҚШнинг Яқин Шарқдаги яна бир урушга аралашиб қолишига йўл қўймасликка уринаётгани билан машҳур бўлган Байден ўз жамоасига ўтган дам олиш кунлари бўлиб ўтган ҳужумга жавобан ҳарбий вариантларни ишлаб чиқиш ҳақида буйруқ берди”, — дейилади мақолада.
Пентагон кўриб чиқаётган вариантлар орасида Сурия ёки Ироқдаги Эрон персоналига ёки бўлмаса, Форс кўрфазидаги Эрон ҳарбий-денгиз кучларига зарбалар бериш бўлиши мумкин.
“Президент маъқуллаши билан, жавоб чоралари, катта эҳтимол билан, яқин бир-икки кун ичида бошланади ва бир қатор нишонларга кетма-кет берилади”, — деб ёзади нашр манбаларига таяниб.
Байден бошқа ҳужумларни қатъиян тийиб туришга қодир, шу билан бирга, “аллақачон аланга ичида бўлган минтақада” вазият янада кескинлаштиришга йўл қўймайдиган вариантларни тақдим этишни буюрган.
Politico қайд этишича, ҳеч қайси АҚШ президенти “бирорта хорижий инқирозсиз тура олмайди, аммо Байден учун вазият тез мураккаблашмоқда”. Яқин Шарқдаги низо, хусусан, унинг рейтинги пасайишига олиб келди.
“Баъзи демократлар Байденнинг президентлиги чет элдаги ҳодисалар натижасида узилиб қолиш хавфи остида эканидан тобора кўпроқ хавотирланмоқда”, — деб ёзади газета.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига номаълум учувчисиз учар қурилма ҳужуми оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу Ғазо секторида уруш бошланганидан буён америкаликлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ биринчи тасдиқланган ҳолатдир.
Шундан кейин АҚШ ҳужумга жавоб кўрсатиш учун бир нечта вариантларни кўриб чиқаётгани хабар берилди.
Шарҳлар