Байден Навальнийнинг ўлими учун Россияга янги санкциялар билан таҳдид қилди
АҚШ президенти Жо Байден россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг вафоти муносабати билан чиқиш қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У сиёсатчининг оиласига ҳамдардлик изҳор этди. Байден ҳодиса учун жавобгарликни Россия ҳукумати зиммасига юклади ва АҚШ Россияга қарши санкцияларни кучайтириш чорасини кўриб чиқаётганини айтди.
“У коррупция, зўравонлик ва Путин ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган барча ёмон ишларга мардона қаршилик кўрсатиб келганди”, — деди Байден. Шунингдек, у Алексей Навальний билан юз берган воқеага оид аниқ маълумотлар йўқлигини айтди. “Агар унинг ўлими ҳақидаги янгилик тасдиқланса, ҳеч қандай шубҳа йўқки, унинг вафотида Путин айбдор, ундан бошқа ҳеч ким эмас”, — деди Жо Байден.
2021 йилда Жо Байден Алексей Навальний вафот этган тақдирда, бу Россия учун “ҳалокатли оқибатлар”га эга бўлишини айтганди. Ҳозирги нутқида эса Америка президенти АҚШ ҳукумати “бир қатор вариантларни кўриб чиқаётгани”ни маълум қилди.
“У 2020 йилда унга нисбатан уюштирилган вас ал қолса умрига зомин бўлган суиқасддан кейин қувғинликда хавфсиз яшаши мумкин эди. У ишини давом эттирган тақдирда, уни қамаб қўйишлари ёки ўлдиришларини билган ҳолда Россияга қайтиб келди. Лекин у барибир шундай қилди. Чунки у ўз мамлакатига, Россияга чуқур ишонарди”, — дея таъкидлади Байден.
У, шунингдек, мухолифатчининг ўлими ҳақидаги хабарлар АҚШни Украинага маблағ ажратишга ундаши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, “молиялаштиришга қодир бўлмаслик ҳеч қачон унутилмайди”.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Ямал-Ненецк мухтор округи бўйича Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний Харп қишлоғидаги “Полярний волк” колониясида вафот этганини маълум қилди. Муассаса талқинига кўра, сиёсатчи сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилган. RТ пропаганда телеканалининг манбаси Навальний ўлимининг сабабини тромб узилиб кетиши билан изоҳлади.
Шарҳлар