Жо Байден яна коронавирусга чалинди
АҚШ президенти Жо Байден коронавирусга топширган тести мусбат натижа берди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Оқ уйдагилар ишонтиришича, давлат раҳбари касалликни енгил ўтказади. Бироқ унинг бугун, 18 июлга режалаштирилган нутқи қолдирилди, у Лас-Вегасда UNIDOSUS конференциясида чиқиш қилиши керак эди.
“Бугун аввалроқ Лас-Вегасдаги биринчи тадбирдан кейин президент Байден COVID-19 га тест топшириб, мусбат натижа олди. У бир неча марта эмланган, унда енгил симптомлар кузатилмоқда”, — деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер брифинг чоғида.
Байден Делавер штати Рехобот-Бич шаҳридаги уйида ўз-ўзини яккалаш даврини ўтказади. Унга Paxlovid вирусга қарши препаратининг биринчи инъекцияси юборилган.
Оқ уй сайтига жойланган тиббий хулосага кўра, бугун Жо Байденда юқори нафас йўллари касаллиги белгилари, шу жумладан, тумов ва йўтал қайд этилган. Шундан кейин шифокорлар ундан COVID-19 га таҳлиллар олган. Натижа эса мусбат чиққан.
Байденда коронавирус биринчи марта аниқланаётгани йўқ. 81 ёшли АҚШ президенти COVID-19 га чалингани ҳақида сўнгги бора 2022 йил июлида хабар берилган эди. Ўшанда унда ўртача даражадаги симптомлар кузатилган, у масофадан туриб ишлаган эди. Етти кундан кейин эса унинг соғайгани хабар берилганди.
Шарҳлар