Украина ҳарбий самолёти биринчи марта Россия ҳудудидаги нишонга зарба берди — Sky News
Украина қуролли кучлари самолёти биринчи марта Россия ҳудудидаги нишонга тўғридан-тўғри зарба берди. Бу ҳақда Британиянинг Sky News телеканали Украина армиясидаги аноним манбасига таяниб хабар берди.
Манбага кўра, 9 июнь, якшанба куни Россиянинг Белгород вилоятида қўмондонлик пункти ўққа тутилган. Ҳужумда қандай турдаги ўқ-дорилар ишлатилгани, шу жумладан, бу Ғарб қуроли бўлган-бўлмагани ҳозирча номаълум.
“Етказилган зарар ҳали ҳам ҳисоб-китоб қилинаётган бўлса-да, бу тўғридан-тўғри зарба эканлиги тасдиқланган. Бу Украина қуролли кучларининг ҳаво орқали Россия ҳудудидаги нишонга қарата отган биринчи ўқ-дориси”, — дея қўшимча қилди манба.
Украина Россия ҳудуди ичкарисида дронлар билан кўп марта зарбалар берган бўлса-да, Россия ичкарисидаги нишонларга ҳужум қилиш учун ҳарбий самолётдан фойдаланилиши Москва томонидан янги эскалация сифатида қабул қилиниши мумкин, дея қайд этади Sky News.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Белгород вилоятида учта учувчисиз қурилма уриб туширилгани ҳақида ҳисобот берган, маҳаллий ОАВлар эса УҚК Ракитянский туманида ўқ-дори омборига зарба берганини хабар қилган эди.
Шарҳлар