Финляндия президенти Украинадаги урушни битта қўнғироқ билан тугатиш усулини айтди
Хитой, агар истаса, Россия-Украина низосига нуқта қўйиши мумкин, дея маълум қилди Финляндия президенти Александр Стубб Bloomberg нашрига берган интервьюсида.
“Россия ҳозир Хитойга жуда боғлиқ бўлиб қолган. Раис Си Цзиньпиндан битта телефон қўнғироғи бу инқирозни ҳал қилган бўларди”, — деди сиёсатчи.
Унинг фикрича, агар Си Цзиньпин тинчлик музокаралари учун вақт келганини айтганида, “Россия буни амалга оширишга мажбур бўларди”.
Россия ҳукумати музокараларни бошлаш учун Украинага нисбатан бир қатор шартларни илгари сурмоқда, булар — Украина қўшинларининг Донбасс, Херсон ва Запорожье вилоятларидан олиб кетилиши, Киевнинг ушбу ҳудудлардан расман воз кечиши, Россияга қарши халқаро санксияларнинг бекор қилиниши, бетараф ва ядросиз мақомнинг мустаҳкамланиши, шунингдек, Украинанинг қуролсизлантирилиши ва “денатсификация” қилиниши. Москва Киев мулоқотдан бош тортаётганини даъво қилмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский илгари сурилган таклифларни ультиматум деб ҳисоблади, аммо агар Россия ўз қўшинларини олиб кетса, тезкорлик билан музокараларга киришишга ваъда берди.
Шарҳлар