БМТ судининг ҳужумни тўхтатиш ҳақидаги талабига қарамасдан Исроил Рафахга янги зарбалар берди
25 май, шанба куни Исроил Ғазо секторига, жумладан, Рафаҳ шаҳрига янги ҳужумларни бошлади. Бир кун олдин Халқаро суд Исроилдан Рафаҳга ҳужумини зудлик билан тўхтатишни талаб қилганди.
Ҳозирча Исроил Гаагадаги суд қарорига амал қилиши ва Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлари характерини қандайдир тарзда ўзгартириш ниятида эканлигидан далолат берувчи ҳеч қандай аломат йўқ.
AFP агентлигининг журналистлари ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, шанба кунги зарбалар Ғазо секторидаги Рафаҳ ва Дайр ал-Балах шаҳарларига берилган.
Би-би-сининг Ғазодаги мухбири Рушдий Абу Алуф аввалроқ хабар қилишича, Халқаро суд қарори эълон қилинганидан кейин бир неча дақиқа ўтиб, Исроил самолётлари Рафаҳдаги Ал-Шабура лагерига бир қатор зарбалар берган.
Исроил АҚШ ва бошқа иттифоқчиларнинг қуруқликдаги ҳужуми тинч аҳоли орасида яна қурбонлар ва гуманитар инқирозга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, май ойи бошида Рафаҳда ҳарбий операция бошлади. Рафаҳда ўша пайтда жанговар ҳаракатлардан қочган Ғазо шимолининг юз минглаб аҳолиси бўлган.
Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми бошланганидан кейин, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 800 мингдан ортиқ тинч аҳоли шаҳарни тарк этган.
Шарҳлар