Арманистон КХШТнинг Қирғизистондаги машғулотларида қатнашишдан бош тортди
Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо мамлакатларни “Ҳамкорлик-2024” жамоа-штаб машғулотларида қатнашишдан бош тортиши ҳақида хабардор қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Ўқув машғулотлари 3—15 сентябрь кунлари Қирғизистон ҳудудида бўлиб ўтади. Улар Марказий Осиё минтақасида қуролли низони ҳал этиш бўйича қўшма операцияларни тайёрлашга қаратилади. КХШТ мамлакатлари учувчисиз учар қурилмалар ҳужум қилган тақдирда ҳаво ҳужумига қарши ҳимояни ташкиллаштиришни машқ қилади.
Февраль ойида Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг КХШТдаги иштироки музлатиб қўйилишини эълон қилган эди. У, агар КХШТ мамлакатлари ўз мажбуриятларини бажармаса ва ўзларининг масъулият ҳудудларини тан олмаса, Арманистон бирлашмадан чиқиши мумкинлигини айтганди.
Ташкилотга Арманистон ва Қирғизистондан ташқари, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Тожикистон ҳам киради.
Шарҳлар