Британия Украинага мамлакат тарихидаги энг йирик ёрдам пакетини ваъда қилди
Буюк Британия Украинага 500 миллион фунт стерлинг (620 миллион доллар)лик қурол-яроғларни юборади, бу мамлакат тарихидаги энг йирик ҳарбий ёрдам пакети бўлади. Бу ҳақда бош вазир Риши Сунак маълум қилди, деб ёзади “РБК”.
Пакетга 400 та транспорт воситаси, 60 та катер, ўқотар қурол учун 4 миллионтага яқин патрон, шунингдек, 1,6 мингдан ортиқ зарбдор ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ракеталари киради. Бундан ташқари, Украинага Storm Shadow “ҳаво — ер” синфидаги ракеталар ҳам берилади, уларнинг парвоз масофаси қарийб 250 километрга етади.
Сунак Украинага берилаётган кўмакни “бутун Европа хавфсизлиги учун ўта муҳим” деб атади. Британия бош вазири фикрича, агар Россия қуролли низода ғолиб чиқса, мамлакат ҳукумати “Полша чегарасида тўхтамайди”.
Bloomberg ёзишича, Буюк Британия 2024 молия йилида Украинага тақдим этадиган ҳарбий ёрдамнинг умумий ҳажми 3 миллиард фунт стерлинг (3,7 миллиард доллар)ни ташкил қилади. 2022 йил февралидан буён Лондон Киевга қарийб 12 миллиард фунт стерлинг (14,8 миллиард доллар) ажратишга ваъда берган, шуларнинг 7 миллиарди ҳарбий кўмак, қолган қисми эса гуманитар ва иқтисодий кўмакдан иборат.
Шарҳлар