“Бу ҳали бошланиши”. АҚШ Навальнийнинг ўлими туфайли Россияга янги санкциялар киритишни давом эттиради
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти сиёсатчи Алексей Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши янги санкциялар киритишда давом этади, деб ёзади CNN АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбига таяниб.
“Кремлни Навальнийнинг вафоти учун жавобгарликка тортиш борасида АҚШ президенти маъмуриятидан кўпроқ нарса кутаверинг”, — деди Кирби журналистларга. У 23 февраль куни жорий қилинган санкциялар — “ҳали фақат бошланиши” эканини қўшиб қўйди.
Гап айнан қандай чеклов чоралари ҳақида бораётганига Кирби аниқлик киритмади.
Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакетини эълон қилди. Қора рўйхатга яна 106 нафар жисмоний ва 88 нафар юридик шахс кирди. Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа институтлари ва Евроиттифоқ фуқароларига нисбатан “стоп-рўйхат” кенгайтирилишини маълум қилди. АҚШ Россия молия секторига, мудофаа-саноат мажмуасига, шунингдек, марҳум Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинишига алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар ҳақида эълон қилди. Кейинроқ Канада ҳам Россия қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди.
Шарҳлар