Чеченистонда қотилликлар содир этгани учун қамалган Россия Бош разведка бошқармасининг зобити Эдуард Ульман Донбассда ҳалок бўлди
Россия Бош разведка бошқармаси (БРБ) махсус кучлари гуруҳининг собиқ командири, 2007 йилда Чеченистон аҳолисини ўлдиришда сиртдан судланган капитан Эдуард Ульман Донбассдаги жанглар пайтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ульман иши билан шуғулланган “Защита” ҳарбий хизматчилар иттифоқининг собиқ раҳбари Сергей Семанчук «Новая Бурятия» нашрига маълум қилди.
Ульманнинг ўлимини унинг ҳамкасбининг онаси, «Женщины Бурятии» ташкилотининг Улан-Удэ бўлими раҳбари Наталья Коробенкова тасдиқлади. «У судланганига қарамай, ўз ватанини ҳимоя қилишга қарор қилди», – деди у.
Ульман қандай шароитда ҳалок бўлгани ва жанговар ҳаракатлар зонасига қачон келганига аниқлик киритилмаган.
2007 йил июнь ойида Шимолий Кавказ округи ҳарбий суди Ульманни сиртдан 14 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилганди. Тергов маълумотларига кўра, 2002 йил 11 январда Чеченистоннинг Шатой районида Ульман бошчилигидаги 641-БРБ махсус кучлари отрядининг разведка гуруҳи ҳайдовчиси талабни бажаришдан бош тортган УАЗ автомашинасига қарата ўт очган. Оқибатда машинада бўлган маҳаллий фуқаро ҳалок бўлган. Шундан сўнг, штаб буйруғига биноан улар машинада бўлган яна беш кишини ўлдиришган. Кейинчалик маълум бўлишича, улар жангарилар эмас, тинч фуқаролар бўлган.
Ишда тўрт киши иштирок этган: Ульман, унинг собиқ қўл остидагилари Александр Калаганский ва Владимир Воеводин, шунингдек, майор Алексей Перелевский. Суд залида фақат Перелевский бор эди, қолганлар қидирувга берилган, улар ҳукм чиқарилишидан олдин йўқолганди.
Шарҳлар