Данияда россиялик аёл жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинди
Дания хавфсизлик хизматлари Копенгагенда россиялик аёлни жосусликда гумон қилиб ҳибсга олди, дея хабар беради AFP маҳаллий хавфсизлик хизматига таяниб.
Аёл Даниядаги «рус диаспорасида марказий шахс» бўлган, деб ёзади агентлик ҳибсга олинган аёлнинг исмини кўрсатмасдан, лекин уни Россия фуқароси деб атаган. Даниянинг DR телерадиокомпаниясининг аниқлик киритишича, аёл чет эл разведка хизматларига Даниядаги ишларида, жумладан, “таъсир ўтказиш фаолиятини амалга оширишда” ёрдам берганликда гумон қилинмоқда.
Бир қатор Европа давлатларининг разведка хизматлари ахборотига таянган DR маълумотларига кўра, ҳибсга олинган аёлга тегишли юридик консалтинг компанияси 2017–2021 йилларда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Россотрудничество томонидан ташкил этилган «Правфонд» – чет элда яшаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармасидан маблағ олган.
DR веб-сайтида эълон қилинган рус тилидаги номсиз ҳужжатнинг бир қисмида кўрсатилишича, компания беш йил давомида 52 270 евро олган. Унинг 2021 йилдан кейин “Правфонд”дан маблағ олгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, дейди DR.
Европа разведка агентликлари маълумотларига таяниб, DR бундай консалтинг компаниялари “аслида Россия тарғибот кампаниясининг бир қисми бўлиб, унинг мақсади хорижда русийзабон фуқароларга нисбатан камситилиш ҳақида ҳикоялар яратиш” эканлигини таъкидлайди.
Россиянинг Даниядаги элчихонаси россиялик аёлни қўйиб юборишни талаб қилиб, унинг ҳибсга олинишини “махсус хизматлар провокацияси”, терговни эса “рус диаспорасини парчалашга уриниш” деб атади, деб ёзади ТАСС.
Шарҳлар