,

Дунё бўйича бешинчи мамлакат ўз космик қурилмасини Ойга қўндирди

Фото: Reuters

Япониянинг SLIM (Smart Lander for Investigating Moon) модули Ой юзасига қўнишни амалга оширди, деб ёзади “РБК”. “Ой снайпери” деб ном олган қурилма Гринвич бўйича 19 январ куни 15:20 да (Тошкент вақти билан 19:20 да) қўнган.

Япония ўз қурилмасини Ойга қўндирган тарихдаги бешинчи мамлакатга айланди (АҚШ, СССР, Хитой ва Ҳиндистондан кейин).

Шу билан бирга, зонд билан алоқа дарҳол ўрнатилгани йўқ. Япониянинг JАХА космик агентлиги қанчадир вақт мобайнида миссиянинг муваффақиятли кечганини тасдиқламай турган ва YouTube орқали тўғридан тўғри трансляцияни узиб қўйган.

Кейинроқ Фазо ва астронавтика институти бош директори Хитоши Кунинака қурилма буйруқлар қабул қилаётгани ва уларга жавоб кўрсатаётганини маълум қилди. Аммо JАХА хабарига кўра, модулнинг қуёш элементлари “электр энергиясини ишлаб чиқармайди”, шу сабабли мутахассислар “Ой юзасида маълумотлар йиғилишини бирламчи фаолият сифатида кўрмоқда”.

SLIM — қурилмаларни Ой юзасига юқори аниқликда қўндириш технологияларини ўрганиш учун мўлжалланган модуль. У Ер йўлдошининг рельефи ва кратерларини ўрганиши керак. Модулнинг баландлиги 2,4 метр, эни 2,7 метр бўлиб, қарийб 200 килограмм вазнга эга. Қурилма Ой юзасидаги намуналар таркибида бўлган темир ва бошқа унсурлар миқдорини ўлчаш имконини берувчи камера билан жиҳозланган.

Mitsubishi Heavy Industries компаниясининг SLIM модулни ортиб олган H-I2А элтувчи ракетаси 2023 йил 7 сентябрь куни Кагосима префектурасидаги Танегасима космодромидан учирилган эди. Ўшанда XRISM телескопи ҳам учирилган бўлиб, у кузатув майдони кенг бўлган рентген аппарати ҳамда қаттиқ, суюқ ва кукунсимон моддаларни унсурий таҳлил қилиш учун спектрометр билан жиҳозланган.

Япониянинг бундан аввалги Ой миссияси муваффақиятсиз якун топган эди: Hakuto-R модули 2022 йил декабрида SpaceX компаниясининг Falcon 9 элтувчи ракетаси ёрдамида учирилганди, 2023 йил апрели охирида қурилма Атлас кратери ҳудудида қўнишга уринганидан кейин мутахассислар у билан алоқани йўқотди. Бир ойдан кейин NASA бўлаклар аниқланганини маълум қилди, улар HAKUTO-R “қаттиқ қўниш”ни амалга оширганини тасдиқлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.