Дуров Францияда қўлга олиниши юзасидан биринчи марта изоҳ берди
Telegram асосчиси Павел Дуров август охирида Франция ҳукумати унга уюшган жиноятчилик билан боғлиқ бир нечта моддалар бўйича айбловлар эълон қилганидан буён биринчи марта баёнот билан чиқди.
Унинг сўзларига кўра, полиция уни Парижга етиб келганидан кейин тўрт кун мобайнида сўроқ қилган. Хусусан, унга мессенжернинг бошқа одамлар томонидан ноқонуний фойдаланилгани учун шахсан жавобгар бўлиши мумкинлигини, чунки Франция ҳукумати Telegram’дан жавоб олмаганини айтишган.
Дуров бу айбловларни ҳайратланарли деб атади. “Агар мамлакат интернет-сервисдан норози бўлса, одатда сервиснинг ўзига қарши суд даъвоси очилади. Бош директорни у бошқараётган платформада учинчи шахслар томонидан амалга оширилган жиноятларда айблаш учун смартфонларгача бўлган давр қонунларининг қўлланилиши хато ёндашув ҳисобланади”, — деб ёзди Дуров.
Унинг қайд этишича, махфийлик ва хавфсизлик ўртасида мувозанат ўрнатиш — осон иш эмас. “Баъзан биз мамлакатнинг тартибга солувчи органи билан махфийлик ва хавфсизликнинг тўғри мувозанати ҳақида келиша олмаймиз. Бундай ҳолларда биз бу мамлакатни тарк этишга тайёр бўламиз. Биз буни кўп марта қилганмиз”, — дея Дуров Россия ва Эронда бўлган ҳолатларни келтириб ўтди. “Россия биздан кузатувни таъминлаш учун “шифрлаш калитлари”ни талаб қилганида, биз бош тортдик — ва Telegram Россияда тақиқланди. Эрон биздан тинч намойишчиларнинг каналларини блоклашни талаб қилганида, биз бош тортдик — ва Telegram Эронда тақиқланди”, — деди у.
Дуров унинг нияти эзгулик улашиш ва инсонларнинг бош ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканини таъкидлади. “Айниқса, бу ҳуқуқлар бузилаётган жойларда”, — дея қўшиб қўйди у.
Шарҳлар