Халқаро биатлончилар иттифоқининг собиқ раҳбари коррупция учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Фото: Global Look Press

Норвегия суди Халқаро биатлончилар иттифоқи (IBU)нинг собиқ раҳбари Андерс Бессебергни коррупция иши бўйича уч йилу бир ойга озодликдан маҳрум қилди, дея хабар беради NRK.

Бессеберг 2009-2018 йиллар давомида Россия расмийларидан пора олганликда айбланган. Жумладан, унга қимматбаҳо соатлар ва Россия, Австрия ва Чехияга овга чиқиш тарзида пора берилган. Бессеберг, шунингдек, Россия томони тақдим этган жинсий алоқа соҳаси хизматидан фойдаланганликда ва IBU телевидениеси ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи компания ҳисобидан хизмат машинасидан фойдаланганликда ҳам айбдор деб топилди.

Суд Бессебергдан олинган соат ва 1,4 миллион Норвегия кронасини (тахминан 121 минг евро) мусодара қилишга қарор қилди. Суд тергов муддатини ҳисобга олди, лекин IBU собиқ раҳбарнинг ёшини ҳисобга олмади (у 78 ёшда), дея аниқлик киритади NRK. Бессебергнинг ўзи ҳукмдан “ҳайрон бўлганини” айтди ва унга шикоят келтиришга ваъда берди.

Андерс Бессеберг 1993 йилдан 2018 йилгача Халқаро биатлончилар иттифоқини бошқарган. У россиялик спортчиларнинг ижобий допинг-тестларини яшириш ва Тюменни ЖЧ-2021 пойтахти этиб сайлаш билан боғлиқ коррупция можароси фонида ўз лавозимини тарк этган. Шунингдек, у телевизион мусобақаларга ҳуқуқларни тарқатиш орқали монополияга қарши курашиш қонунларини бузгани хабар қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.