Чехияда тошқинлар туфайли 21 минг киши эвакуация қилинди
Чехияда юз берган тошқинлар туфайли, 21 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди, деб хабар бермоқда “Коммерсантъ” мамлакат ички ишлар вазири Вит Ракушанга таяниб. Сўнгги маълумотларга кўра, 5 киши ҳалок бўлган, яна 8 киши бедарак йўқолган.
“Армия вертолётлари ҳудудга 59,4 тонна гуманитар ёрдам олиб келди. Жами 21 488 киши эвакуатсия қилинди, 1516 киши қутқариб олинди”, — деди Ракушан инқироз штаби мажлисидан кейин. Мамлакатда тошқиндан зарар кўрган инфратузилмани қайта тиклаш ишлари давом этмоқда.
Давомли ёмғирлар бутун Чехия ҳудуди бўйлаб 13 сентябрдан 18 сентябрга қадар ёғиб ўтди. Ёмон об-ҳаво туфайли 260 мингга яқин уйлар электрсиз қолди, автомобиль ва темир йўлларга зарар етди. Чехия президенти Петр Павелнинг сўзларига кўра, тошқиндан жабр кўрган ҳудудларни қайта тиклашга ойлаб ёки йиллаб вақт кетади. Кучли шамол ва жала Австрия, Венгрия, Руминия ва Словакияда ҳам кузатилди.
Шарҳлар