Евроиттифоқ Россияни Навальнийнинг ўлими юзасидан халқаро суриштирув ўтказишга ва барча сиёсий маҳбусларни озод этишга чақирди
Евроиттифоқнинг хорижий масалалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Россия Алексей Навальнийнинг “тўсатдан юз берган ўлими юзасидан мустақил ва шаффоф халқаро суриштирув ўтказишга имконият яратиши” кераклигини айтди, деб ёзади Meduza.
Европа кенгаши сайтида эълон қилинган баёнотда Боррель Навальнийнинг вафоти учун жавобгарлик Россия президенти Владимир Путин ва РФ ҳукумати зиммасида эканини билдирди.
“Евроиттифоқ шерикларимиз билан яқин мувофиқликда Россия сиёсий раҳбарияти ва ҳукуматини жавобгарликка тортиш ҳамда хатти-ҳаракатлари учун қўшимча санкцияларга тортиш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солади”, — деди Боррель.
У, шунингдек, Россияда Алексей Навальний хотирасига ўтказилган акцияларда қўлга олинган барча одамларни зудлик билан озод этишга чақирди.
Европа дипломатияси раҳбари таъкидлашича, Навальний бутун умри давомида ақлбовар қилмас мардликни намоён қилган, “Путин ва унинг режими эса ундан қўрққан”, шу жумладан, давом этаётган уруш ва Россиядаги президент сайловлари фонида.
“Жаноб Навальнийнинг кутилмаган ва ҳайратда қолдирган вафоти — Россияда тезлашаётган ва тизимли репрессияларнинг яна бир белгиси. Европа иттифоқи ўзининг Россияга нисбатан зудлик билан ва сўзсиз равишда бошқа барча сиёсий маҳбусларни, шу жумладан, Юрий Дмитриев, Владимир Кара-Мурза, Илья Яшин, Алексей Горинов, Лилия Чанешева, Ксения Фадеева, Александр Скочиленко ва Иван Сафроновни озод этишга чақириғини такрорлайди”, — дейилади даъватда.
Аввалроқ Евроиттифоқ ва АҚШ етакчилари РФ президенти Владимир Путин Алексей Навальний қамоқхонада вафот этгани учун жавобгар бўлишини маълум қилганди. Кремлдагилар буни изоҳлар экан, судтиббийэкспертлар хулосалари ҳали бўлмагани сабабли, баёнотларни “ҳаддидан ошиш ва мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган” деб атади.
Шарҳлар