Европарламент Навальнийнинг ўлдирилиши юзасидан резолюция қабул қилади
Европарламентда 28 февраль куни ялпи сессия бўлиб ўтади, унда колонияда ўлдирилган мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная чиқиш қилади, деб ёзади Meduza.
Сессияда Навальнийнинг вафоти муносабати билан резолюция қабул қилинади. Унда, шунингдек, Россияда “сиёсий маҳбуслар ва жабр-зулм қилинаётган фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш учун” чоралар кўрилиши зарурлиги ҳақида гапирилади.
Болгариянинг Европарламентдаги делегацияси штатдан ташқари маслаҳатчиси ва Free Russia Foundation консультанти Петар Танев маълум қилишича, Европарламент депутатлари “Алексей Навальний хотирасини шарафлаб, унинг номини эркинлик ва демократия курашчиси сифатида абадийлаштирмоқчи”. Таневнинг сўзларига кўра, Европарламент Навальнийнинг ўлдирилишини “Россиядаги узоқ давом этаётган сиёсий репрессиялар чўққиси” сифатида баҳоламоқда.
Россия Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний 16 февраль куни Ямал-Ненец мухтор округи Харп қишлоғидаги “Полярний волк” колониясида вафот этгани ҳақида хабар берди. Муассаса маълумотларига кўра, сиёсатчи сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб, дарҳол ҳушини йўқотган. RТ пропаганда канали манбаси қайд этишича, унинг ўлимига тромб ёрилиши сабаб бўлган. Колонияда Алексей Навальнийнинг онасига у “тўсатдан ўлим синдроми”дан вафот этганини айтишган. Людмила Навальнаяга берилган ўлим ҳақидаги тиббий хулосада ўлим сабаби сифатида “табиий сабаблар” келтирилган.
Алексей Навальнийнинг жасади тўққиз кун давомида унинг қариндошларига берилмади. Терговчилар сиёсатчининг онасини шантаж қилиб, жасад берилиши учун ўз шартларини келтирди. Хусусан, улар Навальнийнинг дафн маросими ҳақидаги маълумотни сир тутишни талаб қилиб, акс ҳолда сиёсатчини колония ҳудудига дафн этиш билан таҳдид қилди. 24 февраль куни кечқурун Навальнийнинг жасади онасига берилди.
Шарҳлар