Пентагон Россия орбитага сунъий йўлдошга қарши қурилма учирганини маълум қилди
Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер Россия гўёки ерга яқин орбитага сунъий йўлдошга қарши фазовий қурилма учирганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унинг сўзларига кўра, бу 16 майдаёқ юз берган. Райдер қўшимча қилишича, шу орбитада Америка ҳукумат сунъий йўлдоши ҳам жойлашган.
“Биз 16 май куни Россия ерга яқин паст орбитага сунъий йўлдош учирганини кузатиб боряпмиз, у, бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, сунъий йўлдошга қарши қурол бўлиб, ерга яқин паст орбитада бошқа сунъий йўлдошларга ҳужум қилишга қодир”, — деди Пентагон матбуот котиби брифинг чоғида.
Патрик Райдер қўшимча қилишича, ҳарбий идора вазиятни кузатишда давом этмоқда. Америка томони бу ҳодисани муҳокама қилиш учун Россия билан алоқага киришган-киришмаганидан Райдер хабардор эмас.
Аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгаши Россия томонидан тайёрланган коинотга қурол жойлаштирмаслик бўйича резолюция лойиҳасини блоклаб қўйди. Резолюция лойиҳасини еттита мамлакат, шу жумладан, Россия ва Хитой ёқлаб чиқди. Швейцария бетараф қолди. Резолюция қабул қилиниши учун БМТ ХКнинг камида 9 та аъзосининг овози керак эди. Россиянинг ташкилотдаги доимий вакили Василий Небензя айтишича, лойиҳанинг рад этилиши АҚШнинг коинотни ҳарбийлаштириш ниятини исботлайди.
Апрелда Россия БМТ ХКда Ер орбитасига ядро қуролини ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни тақиқловчи Америка-Япония резолюциясига вето қўйган эди.
Шарҳлар