Филадельфияда бир ҳафта ичидаги тўртинчи отишмада 8 нафар ўсмир яраланди
АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида бекатда автобус кутаётган саккиз нафар мактаб ўқувчиси отишма оқибатида жабрланди, деб хабар бермоқда Associated Press маҳаллий политсияга таяниб. Уч нафар номаълум шахс машинадан тушиб, ўт очган, 30 мартадан кўпроқ ўқ узиб, сўнг қочиб кетган.
Жабрланувчилар 15—17 ёш оралиғидаги ўсмирлар. Улардан бири оғир аҳволда, тўққизта ўқдан яраланган. Қолганлар — олти йигит ва бир қиз барқарор аҳволда. Тахминан ўша вақтда яқин орадаги иккита автобусга ҳам ўқ узилган, жабрланган йўловчилар ёки ҳайдовчи ҳақида хабар берилмаяпти.
ОАВлар қайд этишича, сўнгги бир ҳафта ичида Филадельфияда яна уч марта отишма кузатилган. 3 март куни автобус ичидаги жанжалдан сўнг 27 ёшли эркак отиб ташланган эди. 4 март куни эса 17 ёшли ўсмир ўқ тегиши оқибатида ҳалок бўлган, яна тўрт киши жабрланган эди. Эртаси куни 37 ёшли эркак автобусдаги отишмада ҳалок бўлди.
Шарҳлар