Дональд Трамп Жо Байденни дебатларга чақирди

Фото: Rolling stone

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп президент Жо Байден билан иложи борича тезроқ дебатлар ўтказмоқчи эканини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Трампнинг сўзларига кўра, улар Америка халқи учун муҳим бўлган муаммоларни муҳокама қилиши зарур.

“Мен ҳар доим, ҳар ерда ва исталган жойда дебатларга даъват қиламан. Жавобни сабрсизлик билан кутаман”, — деб ёзди Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Жо Байден журналистларга Трампнинг “бошқа қиладиган иши йўқ”лигини айтди. “Унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам ўзим билан баҳслашишни хоҳлаган бўлардим”, — деди президент. Байденнинг сайловолди штаби маълум қилишича, Дональд Трамп “эътиборга ташна”, номзодлар ўртасидаги зарур мулоқот эса “мувофиқ пайтда” ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ва собиқ президенти Дональд Трамп 5 март, “суперсешанба” куни партия праймеризлари ва кокуслар бўлиб ўтган штатларнинг кўпчилигида ғалаба қозонди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.