Financial Times: БААда унча маълум бўлмаган компаниялар Россиянинг “хуфия флоти” учун ўнлаб танкерлар сотиб олди

Фото: bcs-express (Иллюстративное)

Сўнгги бир йил ичида унча маълум бўлмаган компаниялар гўёки Россиянинг «хуфия флоти» учун суюлтирилган табиий газ (СТГ) ташиш учун ўнлаб танкерларни сотиб олди, деб ёзади Financial Times.

Нашрнинг кемасозлик соҳасидаги манбалари таъкидлашича, танкерларни илгари номаълум бўлган компаниялар сотиб олмоқда. Бу компанияларнинг аксарияти БААда, яъни Украинада уруш бошланганидан кейин Россия энергия ресурслари савдоси марказига айланган мамлакатда рўйхатдан ўтган, деб ёзади FT.

Windward консалтинг компаниясининг маълумотларига кўра, БАА компаниялари 2023 йилнинг иккинчи чорагида СТГ танкерларини сотиб олишни бошлаган. Ўшандан бери 50 дан ортиқ кема ўз эгаларини ўзгартирган. Шу билан бирга, илгари бундай битимлар жуда камдан-кам содир бўларди, дея қайд этади нашр.

Денгизда юк ташувларини кузатувчи Kpler таҳлилий компаниясининг таъкидлашича, янги сотиб олинган танкерларнинг бир қисми ҳозирда Россия газини ташиш учун фойдаланиладиган йўналишларда ишламоқда.

Йирик юк ташиш брокери SSY маълумотларига кўра, талабнинг ошиши ишлаб чиқарилганига 15 йилдан ошган арзон ва кам самарали бўлган СТГ кемаларининг нархини оширди.

“Буғ турбинали эски СТГ кемалари бозори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларининг қатъийлашгани ҳамда двигатель технологиясининг сезиларли яхшиланиши туфайли қисқариб кетди. Аммо ҳозир биз ушбу турдаги кемалар нархи ошганини кўряпмиз. Улар хуфия флотда ишлатилиши мумкин”, – дейди Тоби Дунипэйс, SSY  компаниясининг СТГ бўйича бошқарувчи директори.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.