Финляндия Россия билан чегарани қисман очиши мумкин
Финляндия ҳукумати Россия билан чегарани қисман очиши мумкин. Бу учинчи мамлакатлар фуқароларига чегаранинг ўзида бошпана беришни рад этиш ва уларни депортация қилиб Россияга қайтариб юбориш имконини берувчи “Қувиб чиқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда юз бериши мумкин. Бу ҳақда Финляндия бош вазири Петтери Орпо маълум қилди.
Орпо “агар чегаранинг иккала томони бўйлаб ҳамкорлик йўлга қўйилса”, дастлаб битта чегара пункти, сўнг бошқалари ҳам очилиши мумкинлигини айтди.
Финляндия ҳукумати янги қонун лойиҳасини шошилинч тайёрлаётгани ҳақида аввалроқ ОАВлар хабар берганди. Хельсинки об-ҳаво яхшилангач, Россия бошпана сўровчиларни қуруқликдаги чегара орқали ўтказишни бошлашидан хавфсирамоқда, бундай амалиёт эса Финляндия хавфсизлигига таҳдидни юзага келтиради.
Финляндия Россия билан қуруқликдаги чегарани 2023 йил ноябрида тегишли ҳужжати бўлмаган муҳожирлар оқими фонида ёпиб қўйган эди.
Шарҳлар