Франциянинг Сена дарёсига 50 млн литр оқава сув ташланди

Фото: кадр медиа

Насос станцияси тизимидаги носозликлар туфайли Париждан оқиб ўтувчи Сена дарёсига 50 миллион литрга яқин оқава сув оқиб тушган.

Маълумотларга кўра, дарёнинг ифлосланиши май ойида Париж ғарбидаги, яъни дарёнинг юқори оқимида жойлашган Ивлин департаментидаги станцияда учта насоснинг ишдан чиқиши аниқланмагунча бир неча ҳафта давом этган. Қайд этилишича, Конфлан-Сент-Онорин коммунаси аҳолисидан шикоятлар келиб тушган, улар дарёда “тагликлар ва салфеткалар каби ҳар хил чиқиндили жигарранг, бадбўй ҳидли сув келаётгани ҳақида расмийларга хабар беришган.

“Биз номаълум шахслар устидан сувнинг ифлосланиши юзасидан ариза бердик. Ле-Пуантиль шаҳрида вақтинча ўрнатилган кўтарма станция насослари туфайли ҳозирда вазият назорат остида”, — деб ёзади Конфлан-Сент-Онорин коммунасининг мэри Лоран Бросс Х ижтимоий тармоғида.

Унинг сўзларига кўра, насосларнинг носозлиги сабаби ҳали аниқланмаган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, уларга маиший чиқиндилар тиқилиб қолган бўлиши мумкин.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.