Францияда Олимпиада ўйинлари даврида жиноятчилик даражаси ошиши кутилмоқда

Фото: news.sky.com

Франция ҳукумати 2024 йилги Олимпиада ўйинлари даврида маиший жиноятлар ва киберҳужумлар кўпайишини кутмоқда. Бу ҳақда Париж бош прокурори Лаура Беккога таянган ҳолда ТАСС хабар беради.

«Биз Парижда киссавурлик, зўравонлик, жинсий жиноятлар каби жиноятлар сонининг кўпайишини кутяпмиз», – дейди у.

Прокурор буни ҳеч бўлмаганда Олимпиада ўйинлари давомида кутилаётган кўп сайёҳлар оқими, шунингдек, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ҳолатларининг ошиши ҳисобига кутиш кераклигини қайд этади.

Шу билан бирга, прокурор кўча жиноятларидан ташқари, Франция расмийлари Ўйинлар вақтида дуч келиши мумкин бўлган киберҳужумлар хавфи ҳақида ҳам огоҳлантиради. У бундай прогнозни бошқа мамлакатларда Олимпиада ўйинларининг ўтказилиши тажрибасига таянган ҳолда келтирган.

Аризаларга ишлов бериш ва уларни кўриб чиқишни тезлаштириш учун прокуратура одатдаги даврга нисбатан кўпроқ суд терговчиларидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, илгари тезлаштирилган тартиб бўйича тингловлар ўтган йилнинг июль ойида бир неча кун давомида ўтказилган бўлса, бу сафар ҳар куни бир нечта суд мажлиси ўтказилиши кутилмоқда.

Париж Олимпиадаси 2024 йилнинг 26 июлидан 11 августига қадар ўтказилади. Мусобақа вақтида хавфсизликни 45 мингга яқин француз полицияси ва жандарми, шунингдек, 20 минг ҳарбий таъминлайди.

Сена қирғоғи бўйлаб ва Трокадеро майдонида бўлиб ўтадиган очилиш маросимида эҳтимолий таҳдидларнинг юқори хавфи фонида томошабинлар сонини 600 дан 326 минггача камайтиришга қарор қилинди. Париждаги Олимпиада объектлари ҳудудида ва қирғоқ бўйларида ҳаракатланиш учун Ўйинларнинг махсус QR-кодлари жорий этилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.