Франция Украинага қўшин юборишга шай мамлакатлар альянсини тузади
Франция Украинага қўшин юбориш эҳтимолига тайёр бўлган мамлакатлардан иборат альянс тузмоқда, деб ёзади Politico. Парижни Болтиқбўйи мамлакатлари қўллаб-қувватлади.
Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне Литвада Болтиқбўйи мамлакатлари ва украиналик ҳамкасблари билан учрашиб, Киевга ҳарбий ёрдамни, шу жумладан, Ғарб ҳарбийларини Украинага юбориш эҳтимолини муҳокама қилган.
Ғарб мамлакатлари Киевга қай тарзда ёрдам беришини уларнинг ўзлари ҳал қилиши керак, Россия бу борада буйруқ бера олмайди ёки “қизил чизиқлар торта олмайди”, деди Сежурне.
Унинг қайд этишича, Украина айни пайтда артиллерия ўқ-дориларини юборишни сўраган, қўшинларни жўнатиш ҳақида Киевдан сўров келиб тушмаган. “Аммо биз яқин ойлар ичида ҳеч нарсани истисно қилмаймиз”, — деди у.
Болтиқбўйи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Франциянинг “ностандарт фикрлаш” қобилиятини мақтади. “Украинани қўллаб-қувватлаш шаклларининг ҳеч бирини ҳисобдан чиқариш керак эмас. Биз Украинага эҳтиёж энг катта бўлган соҳаларда кўмак кўрсатишда давом этишимиз керак”, — деди Литва ташқи ишлар вазири Габриелюс Ландсбергис.
Эслатиб ўтамиз, Франция президенти Эммануэль Макрон Париждаги саммит якунлари бўйича матбуот анжуманида келажакда украинага қўшинлар юборилишини истисно қилмаган эди.
Шундан кейин Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Макроннинг баёнотига муносабат билдириб, агар ҳарбийлар юборилса, “биз Россия ва НАТО ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашув эҳтимоли ҳақида эмас, балки муқаррарлиги ҳақида гапиришимиз керак бўлади”, деган эди.
Яқинда эса Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски Франция президенти Эммануэль Макроннинг Украинадаги Ғарб қўшинлари ҳақидаги ғоясини “ақлга сиғмайдиган нарса” деб ҳисобламаслигини билдирди.
Аммо АҚШ Украинага қўшинлар юбормаслигини маълум қилди. “Президент Байден АҚШ Украинага жанг қилиш учун қўшинлар юбормаслигини очиқ-ойдин билдирди”, — дейилади Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон томонидан эълон қилинган баёнотда.
Шарҳлар