,

Германия мудофаа вазири Россия томонидан ҳужумга тайёр туришга чақирди

Фото: EPA

Германия мудофаа вазири Борис Писториус маълум қилишича, мамлакат Россия томонидан эҳтимолий ҳужумга тайёр бўлиши керак. Унинг сўзларига кўра, шундай имконият мавжудлиги сабабли, Германия НАТО бўйича иттифоқдошлари билан биргаликда қуролланмоқда. Бу ҳақда ZDF телеканалига таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди.

Мудофаа вазири айтишича, Германия армияси бригадаси айнан Россия томонидан ҳужум эҳтимоли юзасидан Литвага жойлаштирилмоқда. Писториус маълум қилишича, германиялик ҳарбий экспертлар фикрича, Россия бир неча йилдан кейин альянс мамлакатига ҳужум қилиш имкониятига эга бўлади. Унинг таъкидлашича, бу шунчаки фикр, аммо Германия ўзида бор вақтни интенсив қуролланишга сарфлаши керак.

“Тийиб туриш — энг бошиданоқ агрессорга қарши позицияга ўтиш имконини берувчи ягона самарали восита”, — деди вазир. Унинг фикрича, Россияга иттифоқчилар ўзини ҳимоя қилиш истагида экани ва бунга қодир экани ҳақида ишора юбориш зарур. “Уруш олиб боришга тўғри келмаслиги учун жанг қила олиш керак”, — деди Писториус.

19 январь куни Эстония, Латвия ва Литва мудофаа вазирлари Россия ва Беларус билан чегарада мудофаа чизиғи яратишга келишиб олди. У ерга 600 та бетон мудофаа иншоотлари жойлаштирилади. Эстония Мудофаа вазирлиги бу ишларни 60 миллион еврога баҳоламоқда.

Аввалроқ Bild нашри Германия Мудофаа вазирлиги ҳужжатидан парчалар эълон қилган, унда НАТО ва Россия ўртасидаги эҳтимолий уруш сценарийси ишлаб чиқилган эди. Материалга кўра, у 2025 йилда бошланиши мумкин. Германия Мудофаа вазирлиги ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш ёки рад этишдан бош тортди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.