Германия мудофаага харажатлар бўйича НАТО нормасини ошириб бажаради

Фото: DW

Германия бу йил мудофаа эҳтиёжлари учун рекорд даражада, яъни 90,6 миллиард евро ажратади ва бунинг натижасида НАТО нормасини ишонч билан, яъни ЯИМнинг икки фоизи билан бажаради. 18 июнь, сешанба куни эълон қилинган НАТО прогнозига кўра, Германия томонидан ажратиладиган маблағ ЯИМнинг 2,12 фоизини ташкил қилади.

Россиянинг Украинага қарши уруши фонида бу йил Германия биринчи марта НАТОнинг 2014 йилда белгиланган ЯИМнинг икки фоизи миқдоридаги ҳарбий харажатлар стандартига жавоб беряпти. Умуман олганда, альянснинг 32 давлатидан 23 таси белгиланган квотани бажариши керак, деди альянс бош котиби Йенс Столтенберг.

“НАТО иттифоқчилари бу йил мудофаа харажатларини 18 фоизга оширмоқда. Бу анча йиллардан бери энг катта ўсишдир”, — деди у 17 июнь куни кечқурун Оқ уйда АҚШ президенти Жо Байденга.

Столтенберг Вашингтонга альянс ташкил этилганининг 75 йиллигига бағишланган юбилей саммитига тайёргарлик кўриш учун келган. Учрашув июль ойида АҚШда бўлиб ўтади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.