Германиянинг Knauf компанияси Россияни тарк этмоқда
Дунёдаги энг йирик қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи Германиянинг Knauf компанияси ўз маҳсулотлари Мариуполдаги реставрация ишларида қўлланилаётгани ҳақидаги хабарлардан сўнг Россиядаги фаолиятини тугатишга қарор қилди. Мамлакатда 30 йилдан ортиқ фаолият юритган Knauf Group 4 мингдан ортиқ ходимнинг иш ўринларини сақлаб қолиш учун Россиядаги бизнесини маҳаллий бошқарувга ўтказишга қарор қилди. Бироқ, келишув ҳали ҳам расмийларнинг розилигини талаб қилади.
“Ҳозирги воқеалардан келиб чиқиб, Knauf Group 30 йилдан ортиқ фаолият юритганидан сўнг Россиядаги бизнесини тарк этишга қарор қилди”, — дея немис компаниясининг баёнотидан иқтибос келтиради ТАСС.
ARD телеканали текширувига кўра, Knauf компанияси Мариуполга қурилиш материалларини етказиб берган, бу эса жамиятда норозилик уйғотган. ARD Монитор дастурига кўра, Knauf томонидан ишлаб чиқарилган цемент Украинанинг босиб олинган шаҳридаги қурилиш майдонларида ишлатилган. Бу маълумот компанияга қарши шов-шувли айбловларни келтириб чиқарди.
Бу айбловларга жавобан Knauf вакиллари компания Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларига қатъий риоя қилишини ва Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини қоралашини таъкидлади. Бундан ташқари, улар Россияда ўз маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалари йўқлигини ва маҳсулотлар кўплаб мустақил дилерлар орқали якуний истеъмолчиларга етиб боришини таъкидлади. Шундай қилиб, компания ўз маҳсулотлари Россияда қандай ва қаерда ишлатилишини назорат қилмаслигини билдирди.
“Knauf Россиядаги Knauf маҳсулотларини истеъмолчилари ёки қайта ишловчилари билан тўғридан-тўғри етказиб бериш шартномаларига эга эмас. Бизнинг маҳсулотларимиз Knauf компаниясидан мустақил бўлган турли дилерлар орқали якуний истеъмолчиларга етиб боради. Якуний истеъмолчилар маҳсулотимизни қаерда ва қандай ишлатишига биз таъсир ўтказа олмаймиз», – деди компания.
Шарҳлар